Яхши ва ёмон қарз
Қарзнинг ўзи эмас, нима учун олинаётгани муҳим.
Асосий 3 фикр
- Муаммо қарзнинг ўзида эмас, у нима мақсадда олинаётганида.
- Ёмон қарз қиймати тушадиган нарсага олинади, яхши қарз эса даромадни оширади ёки қийматини сақлайди.
- «Бизнес учун» қарз ҳам автоматик яхши эмас: аввал режа, ҳисоб-китоб ва хавфни баҳолаш керак.
Кўпчилик “қарз олмаслик керак” деб ўйлайди. Аслида эса муаммо қарзнинг ўзида эмас, у нима мақсадда олинаётганида. Бу дарсда яхши ва ёмон қарзни қандай фарқлашни кўриб чиқамиз.
Ёмон қарз нима?
Ёмон қарз — қиймати пасаядиган ёки сизга даромад келтирмайдиган нарсалар учун олинган қарз.
Масалан:
- янги телефонни кредитга ёки насияга олиш;
- қиммат кийим ёки бренд буюмлар;
- дабдабали тўй ёки маросим;
- дам олиш учун кредит ёки насия олиш.
Бундай қарз сизга пул олиб келмайди. Аксинча, ҳар ой даромадингизнинг бир қисмини олиб кетади.
Яхши қарз нима?
Яхши қарз эса келажакда даромадингизни оширадиган ёки қийматини сақлаб қоладиган нарсага хизмат қилади.
Масалан:
- касб ёки таълим учун инвеститсия;
- бизнесни ривожлантириш;
- даромад келтирадиган актив сотиб олиш.
Фарқини солиштирамиз
| Ёмон қарз | Яхши қарз | |
|---|---|---|
| Нима учун олинади | Истеъмол, хоҳиш, кўриниш | Даромад ёки кўникмани ошириш |
| Қиймати | Вақт ўтиб пасаяди | Сақланади ёки ўсади |
| Ҳар ой | Даромаддан олиб кетади | Келажакда даромад келтириши мумкин |
| Мисол | Кредитга телефон, дабдабали тўй | Таълим, бизнесни ривожлантириш |
Ҳаётий мисол
Карим ака ва унинг қўшниси бир вақтда қарз олишди.
Қўшниси тўйни “одамлардан қолишмасин” деб дабдабали ўтказиш учун қарз олди. Тўй бир кунда ўтди, қарз тўлови эса кейинги икки йил давомида ҳар ой оиланинг бюджетидан кетди.
Карим ака эса дўконига янги музлатгич-витрина олиш учун қарз олди. Лекин олдин ҳисоблаб кўрди: витрина қанча қўшимча савдо келтиради, тўловни қайси тушумдан қилади, савдо суст келса нима бўлади. Фақат ҳисоб-китоб чиққандан кейингина қарор қилди.
Иккаласи ҳам қарз олди. Лекин бири келажакдаги даромадини бугунги хоҳишга сарфлади, иккинчиси эса даромад манбаига сармоя киритди.
Қарз олишдан олдин 3 савол

Ўзингизга беринг
- 1Бу нарса менга даромад олиб келадими?
- 2Агар даромадим вақтинча камайиб қолса ҳам бу қарзни бемалол тўлай оламанми?
- 3Бу харидни бироз кутиб, жамғариб олишнинг имкони йўқми?
Агар учта саволдан бирортасига ҳам ишонч билан “ҳа” дея олмасангиз — тўхтанг ва қайта ўйланг.
Хулоса
- Қарзнинг ўзи ҳар доим ҳам ёмон эмас — мақсади муҳим.
- Ёмон қарз қиймати тушадиган нарсага олинади ва ҳар ой даромадни ейди.
- Яхши қарз даромадни оширади, лекин у ҳам режа ва ҳисоб-китоб талаб қилади.
- Қарз олишдан олдин 3 саволни беринг.
Нотўғри мақсад учун олинган қарз инсоннинг келажакдаги даромадини бугуннинг хоҳишлари эвазига сарфлаб юборади.
Ўзингизни текширинг
3 та савол. Жавобдан кейин дарҳол изоҳ чиқади, натижа ҳеч қаерга ёзилмайди.
1.Сиз икки йил тўланадиган қарзга янги телефон олмоқчисиз. Телефон сизга даромад келтирмайди. Дарсга кўра бу қандай қарз?
2.Сиз катта маросим ўтказмоқчисиз, лекин пулингиз етмайди. Дарс қайси йўлни афзалроқ деб ҳисоблайди?
3.Карим ака дўконига витрина учун, қўшниси эса тўй учун қарз олди. Иккала қарзнинг асосий фарқи нимада?
Бугун қилинг
Қарзларингизни яхши ва ёмонга ажратинг
Билим амалда мустаҳкамланади: бунга 15 дақиқа кифоя.